Меҳнат мигрантларини Ўзбекистонда тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилмоқда

Келажакда меҳнат мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва бармоқ изларини топшириш Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен - Sputnik. Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бораётган Ўзбекистон фуқаролари келажакда тиббий кўрикдан ўтиш ва бармоқ излари топшириш жараёнларини Ўзбекистонда амалга ошириш имконига эга бўлади. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, 10-11 сентябрь кунлари Россия меҳнат вазири ўринбосари Андрей Пудов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Делегация таркибида Россия ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва миграция соҳасини бошқаришга алоқадор бўлган бошқа муассасалар вакиллари ҳам бор эди.
Ташриф давомида Россия делегацияси Нозим Ҳусанов бошчилигидаги Ўзбекистон меҳнат вазирлиги вакиллари билан учрашув ўтказишди. Ёпиқ ҳолда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг томонлар қуйидаги хулосаларн тақдим этишди:
Келажакда патент олиш учун керак бўладиган тиббий кўрик маълумотномаси, Россиядан жалб этилган мутахассислар ёрдамида Ўзбекистонда ўтказилади;
Шунингдек, Россия ИИВ томонидан бармоқ излари олиш ускуналари Ўзбекистонга келтирилиб, тизим билан боғлиқ ишлар шу ернинг ўзида амалга оширилади;
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам меҳнат мигрантларига бир қатор имтиёз ва имкониятлар яратилади.
Маълумот учун, МДҲ фуқароларига Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олиш - ОИТСга текширув, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиш, бармоқ излари топшириш, рус тили ва Россия қонунчилиги асосларидан имтиҳон топшириши ва бошқа амалиётлар туфайли 3-4 ҳафтагача давом этади. Иш фаолиятини бошламаган ва даромади бўлмаган фуқаролар ушбу вақт давомида бирор жойда яшаб туриши, еб-ичиши керак бўлади. Ундан ташқари имтиҳон ёки тиббий кўрикдан ўта олмаган фуқаролар ўз ватанига қайтиб кетишга мажбур бўлишади.
Патент учун керакли текширув ва ҳужжатларнинг айримларини Ўзбекистонда ўтказиш - меҳнат мигрантлари учун катта енгиллик бўлар эди. Фуқаролар Россияга келганидан сўнг тез фурсатда патент олиб иш фаолиятини бошлаш имконига эга бўлишади.
Меҳнат вазирликлари келишувларига кўра, дастлабки босқичда ушбу тартиб Тошкент шаҳрида амалга оширилиши, тажриба ижобий натижа берганидан сўнг бошқа вилоятларда ҳам йўлга қўйилиши мумкинлиги хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерациясининг уй-жой қурилиш компаниялари ҳамда йирик миллий лойиҳалар (космодром, БАМ темир йўли ва бошқалар) қурилишида ишлаш учун 10 минг нафар мигрантларни чартер поездлар билан олиб кетишга тайёр.