ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Ўзбекистонда хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи халқаро тан олинган сертификатларнинг рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатда 11 та тилни билишни тасдиқловчи дунёдаги 30 та энг машҳур тестлар келтирилган. Улар орасида инглиз тили бўйича TOEFL, IELTS, TESOL, CELTA, француз тили бўйича DELF, DALF, TCF, немис тили бўйича Goethe-Zertifikat, DSD, DAF, рус тили бўйича TORFL, ТРКИ, корейс тили бўйича (TOPIK I), (TOPIK II) тестлари бор.
Бундан ташқари, хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар ўртасидаги мувофиқлик даражаси белгиланган. Бу қарор хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш мақсадида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари учун хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича талаблар белгиланган.
Унга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозим.