Россия ва Ўзбекистон археологлари Узундарада кўплаб топилмалар топишди

Қалъа ичида тангалар, сопол буюмлар, девор безаклари, қилич соплари, найза учлари ҳамда Хитой арбалетлари ўқлари топилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. Россия ва Ўзбекистон археологлари Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган Узундара қалъаси қолдиқларида илк бор кенг кўламли қазиш ишлари олиб боришди, деб хабар қилмоқда Россия Археология институти.
Узундара қалъаси эллин Бақтриясини шимол томондан кўчманчи қабилалар ҳужамларидан ҳимоя қилиш мақсадида қурилган чегара қалъаси бўлган. Айни дамла археологлар қалъа минораларидан бирининг қолдиқларини очишган ва муҳим маълумотларни аниқлашган.

Маълум бўлишича, ушбу қалъа милоддан авалги III-аср бошида ҳукумдор Антиох I даврида қурилган бўлиб, тахминан 150 йил давомида фойдаланилган. Евтидем I бошқаруви даврларида (милоддан аввалги 235–200 йилларда) Узундара қалъаси қайта қурилган. Евкратид бошқаруви даврида, 171-166 йилларда кўчманчи қабилалар ҳужуми оқибатида харобага айланган.

Георадар текширувлар ва тахеометрик суръатга тушириш натижасида олимлар қалъанинг дастлабки шаклни аниқлашди. Маълум бўлишича, Узундара қалъаси тўртбурчак шаклида бўлиб, 13та ҳимоя минораларига эга бўлган. Қалъа деворларидан ташқарида савдо майдонлари бўлган.
Археологические раскопки в крепости Узундара
Археологлар аниқлашига кўра, қалъа деворлари баландлиги 3,5 метрдан 5 метргача бўлган, миноралар баландлиги 4,5 метрдан 8 метргача бўлган.
Қалъа ичида топилган буюмлар орасида Евтидем I, Антиох I ва Селевка даврига оид тангалар, сопол буюмлар, девор безалар топилган. Ундан ташқари қалъада қилич соплари, найза ва камон ўқлари учлари топилган. Ундан ташқари Хитойнинг Хань династияси даврига оид арбалет ўқлари ҳам топилган. Олимлар хулосасига кўра ушбу қуроллар юэчжи кўчманчиларига тегишли бўлган.
Археологические раскопки в крепости Узундара
“Биз эндигина қалъани ўрганишни бошладик, лекин унинг жуда яхши сақланиб қолгани ҳозирдан маълум. Биз келажакда қалъанинг асосий истеҳкомларини, кириш, сув сақлаш жойларини, казармалар ва жамоат жойлари, жумладан ибодатхона жойлашувини аниқлашни режалаштирмоқдамиз”, - деди Марказий Осиё археологик экспедицияси раҳбари Нигора Двуречинская.
Маълумот учун, Узундара қалъаси қолдиқлари илк бор 1991 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси олими Эдвард Ртвеладзе томонидан аниқланган эди. Қалъанинг умумий майдони 3000 кв. Метрни ташкил қилади. 2013-2019 йилларда ушбу қалъа ҳудудида Марказий Осиё археологик экспедицияси томонидан дастлабки изланишлар ўтказилган бўлиб, ўшанда қалъанинг умумий плани чизилган ҳамда марказий қисмида қазиш ишлари ўтказилган эди.
Археологические раскопки в крепости Узундара