Раҳмон дунё ҳамжамиятининг Афғонистон муаммоларига бўлган бепарволигини танқид қилди

Тожикистон раҳбарининг сўзларига кўра, Афғонистондаги кескин вазият Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги вазиятга тўғридан-тўғри таъсир қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Афғонистондаги вазиятга тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ой мобайнида Афғонистондаги вазият янада мураккаблашган ва фоижали тус олган ва минтақа ва дунё мамлакатларининг жиддий хавотирига сабаб бўлган.
Раҳмон қўшни мамлакатдаги беқарорлик ва фожиа чет эл давлатлари аралашишининг натижаси эканини таъкидлади.
Тожикистон етакчиси Афғонистондаги сиёсий муаммолар ва хавфсизлик масалаларини шошилинч ҳал этиш учун ҳамма миллий озчилик вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат тузиш зарурлигига яна бир бир эътибор қаратди.
Шунингдек, яна бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтмоқчиманки, дунё ҳамжамияти, жумладан, манфаатдор мамлакатларнинг, афғон халқини юзага келган муаммолар билан ёлғиз қолдиришга маънавий ҳаққи йўқ. Шу боис яна бир бор эслатмоқчиманки, бу мамлакатдаги мураккаб ва жуда оғир вазият унинг халқи айби билан юзага келмади. Мен барча инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар сукут сақлаётгани ва афғон халқи ҳақ-ҳуқуқини қўллаш борасида бирор бир ташаббус билдирмаётганидан ҳайратдаман.
Эмомали Раҳмон
Тожикистон президенти
У бундай бепарволик зўравонликнинг янада ўсишига олиб келишини қўшимча қилди.
Шу билан бирга Раҳмоннинг сўзларига кўра, Афғонистондаги кескин вазият Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги вазиятга тўғридан-тўғри таъсир қилади.
Тожикистон ИИВ: мамлакат афғон қочоқларини қабул қилишга тайёр эмас
Тожикистон раҳбари барча халқаро ташкилотларни, минтақа ва жаҳон мамлакатларини Афғонистондаги муаммоларни ҳал этиш ва у ерда истиқомат қилаётган барча халқларнинг манфаатини инобатга олган ҳолда миллий ярашиш ҳукуматини тузиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди.