ТОШКЕНТ, 7 сен - Sputnik. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 47 ёшли аёл рашк сабаб ўзининг 25 ёшли ўғли томонидан пичоқлаб, ўлдирилди.
Бу ҳақда Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи маълум қилди.
Хабарда айтилишича, фарзанди кичиклигида эри билан ажрашиб кетган аёл бегона эркаклар билан муносабатда бўлиши, баъзан уларни уйига олиб келиши ортидан она ва ўғил ўртасида доимий тортишувлар юзага келиб турган.
Йиллар давомида такрорланган ушбу ҳолат ўғилда онага нисбатан кучли нафрат туйғуси шаклланишига олиб келган.
Шу тариқа, ўғил 2021 йилнинг 16 март куни кечаси ўз онасини бегона эркакдан рашк қилиб, ошхона пичоғини унинг ўнг томон бўйин орқа юзасига санчиб, ўлдирган.
Сўнгра содир этган жиноятни яшириш мақсадида жасадни ўзи яшаб келган хонадоннинг ертўласига кўмиб қўйган.
Шундан сўнг қотил 17 март куни маҳалла инспекторига онасини қидириб топишда ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Текширувлар натижасида жасад қотиллик аломатлари билан топилган.
Жиноятчига нисбатан Жиноят кодексининг 97-модаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмига кўра, у айбига тўлиқ иқрор бўлгани, уйланмагани каби ҳолатларни инобатга олиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.