Ўзбекистон давлат қарзи қарийб 860 млн долларга кўпайди

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат қарзи қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 858,6 миллион доллларга ёки 3,7 фоизга ошган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 сен – Sputnik. Ўзбекистон давлат қарзи 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига 24,2 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38,5 фоизни ташкил этди. Бундан Молия вазирлиги ҳисоботидаги рақамлар дарак бермоқда.
Давлат қарзи қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 858,6 млн долларга ёки 3,7 фоизга ошган.
Шундан, давлат ташқи қарзи қолдиғи – 21,8 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 34,7 фоизни;
Давлат ички қарзи қолдиғи – 2,4 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,8 фоизни ташкил этди.
“Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзи қолдиғи 858,6 млн долларга ошиши Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ва давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ”, - дейилган вазирлик хабарида.
Натижада, Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 363,4 миллион долларга;
Давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 319,1 миллион долларга;
Давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи $250,8 миллионга ошди.
Ўзбекистон номидан 2,24 триллион сўмлик давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиниши ҳамда 3 триллион сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 779,1 миллиард сўмга камайди.
давлат ташқи қарзи портфели таркибида 11,7 фоизни ташкил қилувчи валюта – Япония иенаси 2021 йилнинг январь-июнь ойларида АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди.
Ташқи қарзнинг энг кўпи Осиё тараққиёт банки (5 млрд доллар), Жаҳон банки (3,8 млрд доллар) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан (2,2 млрд доллар) олинган.