ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Россия Ички ишлар вазирлиги Россияга киришга таъқиқ қўйилган хорижий фуқаролар сонини маълум қилди.
"2021 йилнинг 7 ойида, Россия ИИВ Миграция бўлинмалари материаллари асосида, 115 мингга яқин киришни таъқиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди”, - дейилган ИИВнинг РИА Новостига берган маълумотида.
Ушбу қарорларнинг 40 мингтаси хорижий фуқаролар томонидан кўп маротаба содир этилган маъмурий қонунбузарликлар туфайли қабул қилинган.
Яна 20 мингтаси хорижий фуқаролар Россия ҳудудида олдинги маротаба бўлган вақтида қонунда белгиланган муддатни бузгани туфайли қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Россия ИИВ айни дамда мамлакатда 700 мингга яқин ноқонуний меҳнат мигрантлари борлигини маълум қилган эди.
Шунингдек, сўнгги ойлар давомида меҳнат мигрантлари орасида содир бўлаётган оммавий муштлашувлар оқибатида ҳам бир неча юзлаб хорижий фуқаролар депортация қилинган ва Россияга киришга таъқиқ қўйилган эди.