МДҲ ўйинларида ўзбекистонликлар рақибларини доғда қолдиришмоқда

Қозонда бўлиб ўтаётган илк МДҲ ўйинлари доирасида Ўзбекистон терма жамоаси бир кунда 27 та медални қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сентябрь – Sputnik. Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилаётган МДҲ ўйинларининг навбатдаги куни Ўзбекистон вакиллари учун жуда омадли келди. 5 сентябрь дастуридаги баҳсларда терма жамоа аъзолари 27 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Медаллар бокс ва белбоғли кураш бўйича қўлга киритилди. Ўзбекистонлик спортчилар ҳар икки спорт тури бўйича 7 тадан олтин медалга эга чиқишди. Бундан ташқари, 12 та кумуш ва 1 та бронза медал делегация ҳисобига ёзиб қўйилди.
Бундай улкан натижадан сўнг Ўзбекистон вакиллари жами 14 та олтин, 14 та кумуш ва 8 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга кўтарилиб олди.