ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Афғонистонда “Толибон”*га қарши ташкил этилган қаршилик кўрсатиш фронти Панжшерда толибларнинг тўрт йўналиш бўйлаб уюштирган ҳужумлари қайтарилганини маълум қилди.
Парияндаги вазият энг ёмони бўлган. Қаршилик кўрсатиш кучлари томонидан 30 киши қурбон бўлган, яна 50 киши яраланган.
Толиблар томонидан юзларча қурбон берилгани айтилмоқда. Уларнинг айрим кучлари чекинган ёки асирга тушган.
“Асирга олинганларнинг кўпи хорижликлардир, аксариятлари покистонликлар”, - деб ёзган Қаршилик кўрсатиш фронти матбуот котиби Фаҳим Даштий Twitterʼда.
Панжшердаги кучлар қўлига жангарилар техника қа қурол-яроғлари ўтган. Шунингдек, улар жанг вақтида толибларнинг 4 командирини қўлга олишган.
Ўз навбатида, толиблар бунинг аксини таъкидлашмоқда. “Толибон”* маълумотларига кўра, айнан улар Панжшерни назорат қилишмоқда.
Sputnik Афғонистон Панжшердаги кучлар етакчиси Аҳмад Масъуднинг бугунги суратини чоп қилди. У Парандадаги блокпостларни кўздан кечирган.
“Шундай хулоса чиқариш мумкин: Панжшер водийсининг марказий туманлари ҳали ҳам Қаршилик кўрсатиш фронти назорати остида. Шимол ва жануб эса, эҳтимол, қўлдан бой берилган”, - дея ёзади нашр.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти