ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2021-2022 ўқув йили ташкил этилишига бағишланган очиқ мулоқотда ўқувчи қизлар учун истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол ва дўппида бўлишлари мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра бундан кўзланган мақсад қизларни сифатли ўқитишни таъминлаш.
Бундай қарорга кўпчилик ота-оналарнинг таклифлари ва мурожаатларини инобатга олиб келинганлиги айтилмоқда. Лекин қонунчиликда белгиланган тартиблар ўз кучида. Қарордан ташқари истисно тариқасида оқ ва очиқ ранглардаги дўппида ва рўмолда (бошнинг орқа қисмидан ўраган ҳолатда) бўлишга рухсат берилади.
“Бу истисно ҳолат, бу ҳамма шундай келиши керак дегани эмас. Ва шу билан бирга ҳар хил тарғиботларга ҳам йўл қўйилмайди. Таълим ва дин алоҳида масала. Ҳар хил мусиқа фанларини дарс жадвалидан чиқариш керак, бошқа бир таълимни йўлга қўйиш керак деган фикрлар ҳам ўринсиз”,- дейди вазир ўз сўзида. Шу билан бир қаторда мулоқотда Шерзод Шерматов қизларни таълимига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
“Биргина Тошкент шахрини оладиган бўлсак, эски шаҳар ҳудудидаги Шайхотоҳур, Олмазор, Учтепа туманларида қизларнинг олий таълимга кириши энг паст кўрсаткичда. Водийни олиб қарайдиган бўлсак ҳам Фарғона вилоятида энг юқори кўрсаткичда бўлгани ҳолда унинг ёнида Марғилон, Қўқонда энг паст кўрсаткични гувоҳи бўламиз. Азиз ота-оналар қизларимизни ўқитишга бефарқ қарамайлик”,- дейди халқ таълими вазири.
Аввалги ўқув йилларида мактаб ҳудудида рўмолда бўлиш юзасидан кўплаб зиддиятли вазиятлар юзага келганлиги кузатилган бўлса, бу йил истисно тариқасида ушбу масалага ойдинлик киритилди.