Россияда мигрантлар ўртасидаги можаролар туфайли жарималарни оширишни таклиф этишди

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари орасида тез-тез содир бўлаётган оммавий тўқнашувлар туфайли жазо чораларини кучайтиришда давом этмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Россия Федерациясида оммавий муштлашувларда иштирок этганлик учун жазони кучайтириш таклиф этилди, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон нашри.
Қонунчиликка ўзгартириш киритиш ташаббуси РФ Давлат думасининг хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси ўринбосари Анатолий Виборний томонидан таклиф этилди.
Виборнийнинг тушунтиришича, жарима миқдорининг 5 минг рублгача кўтарилиши тийиб турувчи омил бўлади, сабаби бу мигрантлар учун катта суммадир.
Москвадаги оммавий муштлашувда иштирок этган 50 нафарга яқин мигрант “депорт” қилинди
Сиёсатчининг айтишича, жазо чораларини кучайтириш зарурати чет эл фуқаролари орасида тез-тез содир бўлаётган можаролар туфайли юзага келган.
Сўнгги вақтларда Россияда мигрантлар орасида оммавий муштлашув ҳолатлари тобора кўпаймоқда. РФ ИИВ оммавий муштлашувларда иштирок этадиган мигрантлар депорт қилиниши ҳамда уларга Россияга такрорий кириш тақиқланишини айтиб огоҳлантирди.
Муштлашувлар асосан Москва ва Санкт-Петербургда қайд этилмоқда. Иштирокчилар орасида Марказий Осиё мамлакатларининг барча вакиллари рўйхатга олинган.