Толиблар Панжшердаги қаршилик кўрсатиш кучлари етакчисини ўлдиришмоқчи - Зоҳир Ағбар

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси толиблар Панжшердаги қаршилик кўрсатиш кучлари билан ҳеч қачон музокара ўтказмаслигини айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. “Толибон”* ҳаракати Панжшердаги Афғонистон қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъудни йўқ қилиш ниятида. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Ағбар РИА Новостига берган интервьюсида маълум қилди.
“Толиблар ҳеч қачон улар билан музокара ўтказмайди (Панжшердаги қаршилик кучлари етакчилар билан – таҳр. ), улар сиёсатчилар эмас, балки уч йил аввал дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган ташкилотлар рўйхатида бўлган террорчилар”, — деган элчи.
Ағбарнинг фикрича, толибларнинг мақсади “бутун Афғонистонни тиз чўктириш” ва “қаршиликлар етакчилари, айниқса, Аҳмад Масъудни йўқ қилишдир. Шу билан бирга дипломат “Толибон”* қарама-қарши томон билан музокара ўтказишга тайёр эмаслигини таъкидлаган.
Аҳмад Масъуд толиблар билан музокараларда Россия кўмагига умид қилмоқда
Жангарилар август ойида Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини эгаллаб олди. Панжшер улар назорати остида бўлмаган ягона вилоят бўлиб қолмоқда. Афғонистон қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд агар инклюзив ҳукумат тузилиб, фуқаролик ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминласа, толибларга қарши кураш якунланишини маълум қилганди.
Аҳмад Масъуд – асли келиб чиқиши тожик бўлган, Панжшер шери лақаби билан машҳур бўлган афғон дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли. Катта Масъуд 1990 йилларда толибларга қарши курашган “Шимолий альянс”га раҳбарлик қилган, 2001 йили эса ўлдирилган.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти