ЕИ қочоқларни қабул қилади Афғонистон қўшниларига молиявий ёрдам бермоқчи - ОАВ

Европа Иттифоқи афғон қочоқларини қабул қилиш эвазига Афғонистон қўшнилари - Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон ва Эронга молиявий ёрдам бермоқчи – ОАВ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Европа иттифоқи Афғонистоннинг қўшниларига, агар улар афғон қочоқларига бошпана берса, 600 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам таклифини тайёрламоқда. Бу ҳақда Брюсселдаги расмийларга асосланиб, Financial Times хабар берди.
Кўплаб Европа давлатлари Афғонистонда толиб*ларнинг ҳокимият тепасига келиши 2015 йилда юз минглаб суриялик қочоқлар Европа Иттифоқи давлатларига ёпирилиб келгани сингари инқирозни келтириб чиқаришидан хавотир билдирди.
ТИВ афғон қочоқлари учун чегара очилганини рад этди
Ўша вақтда ЕИ ноқонуний мигрантларни ўзида ушлаб туриш ва Европага киритмаслиги учун Туркияга маблағ таклиф қилганди.
Газета ёзишича, энди Европа Иттифоқи расмийлари Покистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва ҳатто халқаро санциялар остида бўлган Эронга молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр.
Бугун ЕИ ички ишлар вазирлари фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Америка тўлиқ қўшинлари олиб чиқилгандан кейин Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди.
Учрашувдан сўнг, "ҳозир энг муҳими - минтақага тўғри сигнал юбориш: у ерда қолинг - ва биз одамларга ёрдам бериш учун минтақага ёрдам кўрсатамиз", - деб айтишди Австрия, Дания ва Чехия вазирлари.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ҳаракати.