Жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлашга мўлжалланган янги жанговар техникалар парки, радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза, экстремал шароитда яшаб қолиш, муҳандислик, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, алоқачилар шаҳарчалари, руҳий зўриқиш ва армия биатлони йўлаклари, 24 та мураккаб тўсиқлардан иборат бўлган 1200 метрли разведкачилар тўсиқли йўлаги қурилди.
Барча куч ва воситаларни бошқариш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий дизайн ва барча қулайликларга эга бўлган 2 қаватли марказий қўмондонлик пункти бунёд этилди.
Асосий қисми қўмли тепаликлардан иборат бўлган полигон ҳудудининг 4,8 фоизини табиий кўллар қамраб олади. Шу боис, полигонда Мудофаа вазирлиги қўшинларидан ташқари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари бўлинмалари томонидан ҳам қуруқликда, ҳам сувда бажариладиган амалий машғулотларни олиб боришга қўшимча имконмият мавжуд.
“Янгиариқ” полигонида ҳам сувда, ҳам қуруқликда жойлашган 12 та тўсиқли, 1200 метр узунликдаги жамоавий руҳий барқарорликни шакллантириш йўлагининг муқобили ҳали мамлакат полигонларидан ҳеч қайсида йўқ.
Тўсиқли йўлакда жамоа бўлиб ҳаракат қилаётган бўлинманинг ҳар бир аъзоси, ҳуддики занжир халқаларидек бир-бирларига далда бериб, жамоавий жипсликни намойиш этишлари керак. Йўлак тўсиқларини енгиб ўтишда сув ва балчиқ қўшимча мураккаблик яратиб, ҳарбий хизматчилардан кучли жисмоний ва руҳий тайёргарликни талаб қилади.