ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмида, Қибрай туманида барпо этилган "Янги Ўзбекистон" боғининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда.
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган "Янги Ўзбекистон" мажмуаси ва Мустақиллик монументининг очилиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
“Агар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифода этади. Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, Тошкент вилояти ва барча ҳудудларимиздан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда”, - деди президент.
Мирзиёев мажмуа ёнида Олимпия шаҳарчаси бунёд этилиши, унда 2025 йили Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларининг асосий мусобақалари ўтказилишини маълум қилди. Мажмуа ҳудудида замонавий олий таълим даргоҳи, тиббиёт клиникалари, халқаро кўргазма марказлари ва бошқа объектлардан иборат шаҳарча қурилмоқда.
Боғ мазмуни миллий давлатчилик тарихи, халқнинг бугунги интилишлари ва Учинчи Ренессанс мақсадларини ўзида мужассам этган. 104 гектарлик боғнинг умумий кўриниши Ҳаракатлар стратегияси йўналишларига монанд дарахтнинг бешта шохи шаклидадир. Бу ерда одамлар табиат қўйнида дам оладиган сўлим ҳудудлар барпо этилган.
Боғ ҳудудида "Истиқлол" мажмуаси қурилган. Унда Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихи, аждодларнинг буюк ишлари, Ўзбекистоннинг янги қиёфаси намоён этилган.