ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги интернетда тарқалган “Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги” ҳақидаги маълумотларни рад этди. Вазирлик расмий вакили расмий баёнот берди.
Билдирилишича, ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва “Термиз” назорат-ўтказиш пунктидан қуруқлик орқали ўтиш амалга оширилмаяпти. Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Термиз” назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмаган.
“Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, уларнинг сабабларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бартараф этилади. Ўзбекистон томони қатор давлатларга охирги 12 кун ичида Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб, уларнинг мамлакатимизга келиши ва Ўзбекистонни тарк этиши фақат ҳаво йўли орқали амалга оширилди”, - дейилган баёнотда.
Вазирлик қўшни мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги ва қочоқларни қабул қилмаслигини яна бир бор таъкидлаган.
“Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочоқларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам кўрсатишини, уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтда бўлиб туришини яна бир бор маълум қилади”, - дейилган хабарда.