ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг истеъфосини қабул қилди.
“Президент Қасим-Жомарт Тоқаев мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини қабул қилди”, — деб ёзди президент матбуот котиби Берик Уали Facebook᾽даги саҳифасида.
26 август куни Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисм муҳандислик ўқ-дорилари омборида портлашлар содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етган. 100 га яқин киши жароҳатланган.
Ермекбаев ёнғин ва портлашлардан кейин истеъфога чиқиш ҳақида ариза топширган эди.
Тоқаев ўз фармони билан собиқ вазирнинг биринчи ўринбосари Мурат Бектанов мудофаа вазири этиб тайинлади.
Ермекбаев 2018 йилнинг август ойида Қозоғистон Мудофаа вазирлигини бошқаришга киришган. Бунгача у икки йил 2014 йилдан 2016 йилгача Қозоғистон дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазири, 2018 йил апрелдан августгача президент ёрдамчиси — мамлакат хавфсизлик кенгаши котиби лавозимларида ишлаган.