ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Қадар пойтахти Доҳа шаҳрида VII Халқаро армия ўйинларининг “Йўл патрули” мусобақасида иштирок этди.
Республика мудофаа вазирлиги хабарига кўра, автомобил ғилдиракларини қисқа вақт ичида алмаштириш бўйича ўтказилган финал беллашувида Россия, Беларус, Ўзбекистон, Эрон ва Қатар жамоалари биринчилик учун курашди.
Ҳакамнинг ишорасига кўра, иштирокчилар авариявий тўхташ белгисини автомобилдан 15 метр узоқликка ўрнатган ва орқа чап ғилдиракни алмашитиришга киришган. Судялар коллегияси юкхонага жойланган ускунларнинг тўғрилиги ва тартибини баҳолаб борган.
Якуний натижаларга кўра, 2020-йилги Халқаро армия ўйинларининг мазкур йўналишида биринчиликни қўлга киритган Ўзбекистон жамоаси жорий йилда 3-ўринни эгаллади.
Мусобақа биринчилиги Россия жамоасига насиб этган бўлса, шоҳсупадаги 2-ўринни Беларус жамоаси банд этди.