ТОШКЕНТ, 26 авг - Sputnik. Ўзбекистон Афғонистондаги барча ички сиёсий кучлар ўртасида Афғонистоннинг янги ҳукуматини тузиш бўйича миллий муросага имкон қадар тезроқ эришишдан манфаатдор. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ўн сккизинчи ялпи мажлисида ҳисобот берган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фарҳод Арзиев баёнот қилди.
Хусусан, Арзиевнинг таъкидига кўра, Афғонистондаги вазият бўйича Ўзбекистон Афғонистондаги барча ички сиёсий кучлар ўртасида Афғонистоннинг янги ҳукуматини тузиш бўйича миллий муросага имкон қадар тезроқ эришишдан манфаатдор. Ўзбекистон мазкур мамлакатда кенг вакилликка асосланган инклюзив коалицион ҳукуматни тузиш асносида тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро ҳамкорларига Афғонистондан фуқароларни транзит йўли билан хавфсиз жойга кўчириш борасидаги ишларига ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, транзит орқали Афғонистондан чиқиб кетаётган фуқаролар белгиланган манзилга етиб бориши кафолатланган. "Транзит йўли билан Ўзбекистонга кириб келганларнинг ҳеч бири мамлакатимизда қолмайди", - деган вазир ўринбосари.
Афғонистондаги вазият сабабли айрим давлатларнинг дипломатик вакилатхоналари фаолияти тўхтатилгани, ўз навбатида Ўзбекистоннинг Кобул ва Мазори Шариф шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналари фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди.