ТОШКЕНТ, 26 авг – Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир аёл ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканлигини айтиб, жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ бу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 30 июль куни Учтепа тумани КХАЙ кўчасида ўтказилаётган махсус рейд тадбирида ЙПХ инспектори “Nexia-3” автомобилига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган.
Кўрилган чора тадбирлар натижасида мазкур транспорт воситаси КХАЙ ва Фарход кўчалари кесишмасида тўхтатилган.
Автомобиль ҳайдовчиси 25 ёшли Э.М. автотранспорт воситасини техник қайд этиш гувоҳномасидан ташқари бошқа хужжатларни тақдим эта олмаган.
Шундан сўнг, жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида қоидабузар ва унинг 22 ёшли укаси Э.У. ИИО ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган.
Ушбу фуқароларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан мамурий баённома расмийлаштирилган. Автомашина эса вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган.
Таъкидланишича, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилган.
Хабарда ўтказилган текширув жараёнида қоидабузар Э.М.нинг ҳеч қайси вазир ўринбосарига алоқаси йўқлиги аниқлани қўшимча қилинган.