ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. “Фориш” тоғ полигонида АрМИ-2021 халқаро армия ўйинлари давом этмоқда.
Ўзбекистон жамоаси дастурдан ўрин олган “Дала ошхонаси” мусобақасининг “Таом тайёрлаш” шарти илк босқичини муваффақиятли якунлади, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Бу босқич “Берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан эркин таом тайёрлаш” деб номланади. Унда жамоалар мавжуд масаллиқлардан 4 соат давомида товуқ ва мол гўштидан таом, газак ва шарбат тайёрлаш маҳоратини намойиш этишди. Бу жараёнда ҳарбий ошпазларнинг 20 кишига мўлжалланган таом пишириши, гигиена қоидаларига риоя этиши, таомнинг кўриниши, таъми ва ҳиди, безатилиши каби жиҳатларга эътибор қаратилди.
Якунда жамоаларнинг тайёрлаган таомлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, қуйидаги натижалар қайд этилди: Ўзбекистон - 188 балл, Россия - 176 балл, Беларусь - 151 балл, Тожикистон - 139 балл, Вьетнам - 137 балл.
Бугун жамоалар балиқ маҳсулотларидан таом тайёрлаш бўйича беллашадилар.