ТОШКЕНТ, 24 авг - Sputnik. Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Сенат аъзоси этиб сайланди.
Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати хабар берди.
"Саноқ комиссияси хулосасига кўра, қўшма мажлисда 535 та депутат иштирок этиб, овоз бериш жараёнларига 531 киши қатнашди. Шундан 4 та сайлов блютени ҳақиқий эмас, деб топилди, 9 та блютендан фойдаланилмади. ️Қўшма мажлисда овоз беришда иштирок этган депутатларнинг 518 нафари Даврон Ҳидоятовни ёқлаб овоз бергани маълум қилинди. Шундай қилиб, вилоят ҳокими мутлоқ кўпчилик овоз билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди", - деди суҳбатдош.
Таъкидланишича, қўшма йиғилишда Ҳидоятов сўз олиб, билдирилган ишонч учун халқ вакилларига миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, Даврон Ҳидоятов жорий йилнинг 19 мартида президент таклифига биноан Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган эди.