ТОШКЕНТ, 23 авг - Sputnik. Толиблар Афғонистон Марказий банки "Да Афганистан банк" (DAB)нинг янги раҳбар вазифасини бажарувчисини тайинлашди. Бу тайинлов банкнинг олдинги бошқарувчиси Ажмал Ахмадий хавфсизлик нуқтаи-назаридан мамлакатни тарк этганидан сўнг амалга оширилди, деб хабар бермоқда афғон Pajhwok агентлиги.
Агентлик маълумотларига кўра, банкни Муҳаммад Идрис бошқаради. Илгарироқ у "Толибон"*нинг иқтисодий масалалар бўйича комиссиясига раҳбарлик қилган.
Хабарда айтилишича, Идрис DAB бошқарувчиси в.б. этиб "давлат муассасалари фаолиятини ташкилаштириш, банк масалалари ҳамда аҳолининг бошқа масалаларига ечим топиш мақсадида" тайинланган.
Август ойининг ўрталарида Ахмадий мамлакатни "эҳтиёт чораси" тариқасида тарк этган эди. Унинг сўзларига кўра, афғон ҳукумати жуда тез қулади. Ахмадий президент Ашраф Ғанини у ўтиш даври режасини тайёрламагани учун "кечира олмаслигини" айтган эди.
АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилгач, "Толибон"* ҳаракати жангарилари мамлакат ҳудудини босиб олишни бошладилар ва 15 август куни Қобулга кириб келдилар.
Республика президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. Вице-президент Амрулла Солих ўзини вақтинчалик давлат раҳбари деб эълон қилди ва афғон пойтахти шимолидаги ҳудудларда толибларга қарши ҳаракатларни ташкиллаштирди.
Сал аввал "Толибон"* ҳаракатининг юзлаб аъзолари ўзларининг назоратида бўлмаган Панжшерга ҳужум қилишга тайёргарлик кўришаётгани ҳақида хабар берган эдик.
* Россияда таъқиқланган террорчи ташкилот.