ТОШКЕНТ, 23 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 август куни, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида меҳмон сифатида иштирок этади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов брифинг давомида маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
“Афғонистонда ривожланаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳамда қўшни давлатларнинг бу борадаги ҳаракатларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида президентимиз бугун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг видеоанжуман шаклида ташкил этиладиган йиғилишида меҳмон сифатида иштирок этади”, - деди Асадов.
КХШТ саммити 23 август куни Афғонистон масаласи юзасидан онлайн ташкил этилади. Йиғилиш Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислиги остида бўлиб ўтади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон КХШТга аъзо эмас.
Афғонистондаги вазият
Афғонистондаги вазият кескинлашган: сўнгги ҳафталарда толиблар* ҳудудларни фаол босиб олишни бошлаб юборган ва чегарада назоратни қўлга олган.
15 август куни “Толибон”* аъзолари пойтахт Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олди. Амалдаги давлат раҳбари Ашраф Ғани “қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида” Афғонистонни тарк этди. Ҳозир у БААдан бошпана топган.
16 августга ўтар кечаси толиблар* сиёсий офисининг вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда уруш якунланганини, давлат бошқарув шакли эса тез орада аниқ бўлишини маълум қилди.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти