ТОШКЕНТ, 23 авг – Sputnik. Германия ўтган ҳафта давомида Тошкент орқали Афғонистондан 2 мингдан зиёд фуқарони эвакуация қилди. Бу ҳақда Германия ТИВ ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Аниқлик киритилишича, Германия, Европа Иттифоқи ва Афғонистон фуқаролари 22 август кунига қадар 18 та авиарейс билан Кобулдан Тошкентга олиб келинган.
“Эвакуация қилинаётганлар аэропортда зарур маҳсулотлар ва дорилар билан таъминланмоқда, шунингдек, COVID-19 га тест топширилгач, Германияга махсус рейсларда юбориляпти”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда Германия ўз фуқаролари ва афғон қочоқларини Кобулдан Ўзбекистон орқали эвакуация қилишни давом эттирмоқда. 19 августдан Тошкент аэропорти терминали Германия, Афғонистон ва ЕИ давлатлари фуқароларини мамлакат орқали эвакуация қилиниши учун ажратилган эди.