Тошкентда аёл ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатди: ҳужжатлар судга оширилди

Профилактика инспектори аёл кишига қўпол муносабатда бўлганлиги ҳолати бўйича Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан хизмат текшируви тайинланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Тошкентда ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатган аёл устидан расмийлаштилган ҳужжатлар судга оширилди, деб хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, 18 август куни Яшнобод тумани ИИО ФМБга Жарқўрғон кўчасида жанжал бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига етиб борган профилактика инспектори З.Баимбетов 1978 йилда туғилган К.Олга томонидан туман ҳокимияти вакилларига қаршилик кўрсатаётганлигига гувоҳ бўлган. Аниқланишича, “Жарқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Обод маҳалла” дастури доирасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида маҳаллада жойлашган ноқонуний қурилмалар бузилаётган бўлган.
Мўйноқда футбол ўйини вақтида катта жанжал юзага келди
Шу ҳудудда истиқомат қилувчи К.Олгага тегишли бўлган гараж ноқонуний қурилганлиги сабабли олиб ташлаши лозимлиги ҳақида туман ҳокимияти томонидан у бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, гаражни ўз ихтиёри билан олиб ташламаган, ҳокимият вакиллари томонидан бузилишига эса қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақорат қилган ва жанжал кўтарган.
Профилактика инспектори томонидан жанжални тўхтатиш, жамоат тартибини сақлаш, вазиятни юмшатиш ва ҳолатни тўлиқ ўрганиш мақсадида К.Олгага тинчланиши айтилган ва маҳалладаги таянч пунктга таклиф этилган. Бироқ К.Олга ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, унга фаол қаршилик кўрсатган, атрофдаги фуқароларни ўзига жалб қилиш мақсадида бақир-чақир қилиб тўполон кўтарган. Шундан сўнг профилактика инспектори К.Олгага куч ишлатиб хизмат машинасига ўтқазган.
К.Олгага нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми ҳамда 198-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартибда кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига юборилган.
Профилактика инспектори аёл кишига қўпол муносабатда бўлганлиги ҳолати бўйича Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан хизмат текшируви тайинланган.