ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Ўзбекистон орқали эвакуация қилинаётган афғонистонлик ҳомиладор аёл фарзандли бўлди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, куни кеча 1999 йилда туғилган афғонистонлик фуқаро Э.А. “Ҳомиладорлик 1. Туғруқ 1. 39-40 ҳафта.” ташхиси билан тез тиббий ёрдам бригадаси орқали И.Иргашев номидаги Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига ётқизилган эди.
Кеча оқшом 22 ёшли Э.А. илк фарзандини дунёга келтирди. Афғонистонлик ёш она 3 килограмм 840 грамм вазн билан туғилган ўғлини ўзбек шифокорлари ёрдамида қўлига олди. У маълум муддат мутахассислар назоратида бўлиб туради.