ТОШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Умумхалқ ҳашарда 5 мингдан зиёд хонадон таъмирлаб берилади
“Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги ва 21 август – умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари давомида 6 мингдан зиёд эҳтиёжманд, 2 мингга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 800 миллион сўмлик моддий ёрдамлар ажратилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда АОКАда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Қайд этилишича, 21 августда ташкил этиладиган умумхалқ хайрия ҳашарида 8 миллиондан зиёд фуқаро қатнашиши кутилмоқда.
Ҳашарда 21 минг гектардан ортиқ ер майдонлари ободонлаштирилаштирилиши, қарийб 14 минг тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташлаш, 8 мингдан зиёд қабристонлар, мингга яқин зиёратгоҳлар ободонлаштирилиб, салкам 6 миллионта дарахтга шакл берилиб, оқланиши кўзда тутилган.
Бу галги хайрия хашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилмоқда.