ТОШКЕНТ, 19 авг - Sputnik. "Толибон"* етакчиси Хайбатулло Охунзода Афғонистондаги барча қамоқхоналардан сиёсий маҳкумларни озод этиш буйруғини берди, бу ҳақда Twitter да толибларнинг расмий вакили Қори Юсуф Ахмадий хабар берган.
Унга кўра, провинциялар раҳбарлари "паст ва олий мартабали барча сиёсий маҳбусларни сўзсиз озод қиладилар". 20-август, жума кунидан бошлаб уларни қариндошларига топшириш бошланади.
Сўнгги ҳафталарда толиблар бутун Афғонистон бўйлаб шиддатли ҳужумларни амалга оширишни бошладилар, 15 август куни улар Қобулга кириб борди. Мамлакат президенти Ашраф Ғани республикани тарк этди. Вице-президент Амрулло Солих ўзини муваққат давлат раҳбари деб эълон қилди ва афғон пойтахтидан шимолда жойлашган ҳудудларда толибларга қаршилик кўрсатишга уринмоқда.