Афғонлар Амударё орқали Ўзбекистонга қандай сузиб ўтиши маълум бўлди

Афғонистонда ҳокимият Толибон*га ўтгач, мамлакатнинг минглаб фуқаролари зўровонлик ва ўлимдан қўрқиб қўшни республикаларга қочишга уринмоқда. Ҳатто табиий тўсиқлар ҳам уларни тўхтатмаяпти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik, Рамиз Бахтияров. Бир неча афғонистонлик беш литрли пластик бутилкалар ёрдамида Амударё орқали республикага сузиб ўтишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон манбаси хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бундай усул ўтган асрнинг бошидан буён маълум бўлган, у вақтларда шиширилган қўй терилари (меш) қўлбола сол сифатида ишлатилган.
Ўзбекистон ҳудудида бир неча юз афғон қочоқларини жойлаштирди – манба
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, катта эҳтимол билан қоидабузарлар дарё бўйлаб анча масофани сузиб ўтишган ва Тожикистон ҳудуди яқинидаги чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилишган.
"Чегарачилар уларни қўлга олиб, Дўстлик кўприги яқинидаги чодирли лагерга жўнатишди", - деди манба.
Аввалроқ 150 нафарга яқин қочоқ Ўзбекистон-Афғонистон чегараси яқинидаги вақтинчалик лагерга жойлаштирилгани маълум бўлди. Мамлакатга самолёт билан келган яна бир неча юз афғон ҳарбий хизматчиси маҳаллий ўқув полигони ҳудудига жойлаштирилди.
Шу билан бирга, Тошкент Афғонистондан хорижий фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда эвакуация қилиш учун ўз аэропортини тақдим этди. Хусусан, Ўзбекистон пойтахти орқали транзит рейслар Германия самолётлари томонидан амалга оширилмоқда. Қайд этилишича, бу самолётларда келган Афғонистон фуқаролари аэропорт транзит зонасидан чиқмайди.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти.