ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Янги ўқув йили арафасида Ўзбекистон Миллий Университети ва Россия давлат Гидрометеорология университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури йўлга қўйилди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унга кўра, Миллий Университетда Гидрометеорология факультети ташкил этилиб, абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда.
“Шу пайтга қадар 100 нафардан ортиқ ёшлар ҳужжат топширди, – дейди Ўзбекистон Гидрометеорология маркази Ахборот хизмати раҳбари Муниса Асилхўжаева. – Талабалар “Метеорология ва иқлимшунослик” йўналишида сиртдан таҳсил оладилар ҳамда якунда икки Университетнинг бакалавр дипломларига эга бўладилар”.
Машғулотлар етакчи ўқитувчилар томонидан олиб борилади – россиялик мутахассисларни жалб этиш юзасидан меморандум ҳам имзоланган.
Хоҳловчилар эса Россия давлат гидрометеорология Университетида таълим олишлари мумкин бўлади. Шу пайтга қадар ўзбекистонлик соҳа ходимлари ушбу Университетда фақатгина малака ошириб келишгани инобатга олинса, бу янгилик қанчалик аҳамиятли экани ойдинлашади.
Битирувчиларга бериладиган диплом Жаҳон метеорология ташкилотига аъзо барча давлатларда қабул қилинади.
Лекин суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, бундай мутахассислар Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам ниҳоятда зарур – улар ўқишни тамомлагач, соҳанинг турли йўналишларида, жумладан халқаро лойиҳаларда иштирок этишлари мумкин бўлади.