ТОШКЕНТ, 18 авг – Sputnik. Ҳайдовчилар кутган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қонун лойиҳасига кўра транспорт воситаларидан фойдаланишдаги қоидабузарлик чоралари ва бир қатор қонун ҳужжатларини енгиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Улар орасида жарима миқдорининг камайганлиги ҳамда қўшимча ҳужжатларнинг талаб этилмаслиги каби бир қатор янгиликлар жорий этилиши режалаштирилган.
“Сўнги вақтларда ишлаб чиқарилаётган кўплаб автомобиллар мониторлар ҳамда Bluetooth гарнитуралари билан жиҳозланган ҳамда ҳайдовчиларга бир қанча қулайликлар яратилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. Амалдаги қонунларда ҳам ҳайдовчиларнинг қулайлиги эътиборга олиниши лозим”,- дейди Адлия вазирлиги маслаҳатчиси Халил Халилов.
Унинг сўзларига кўра Қонун лойиҳасида мобил телефондан қўлни банд қилмаган ҳолда фойдаланишга рухсат берилиши, мониторлардан автомобил ҳаракатланаётган пайтда зарурат бўлганда фойдаланиш, аммо турли клип ва фильмлар кўриш тақиқланади.
Ҳужжатда айтилишича агар ҳайдовчиларнинг ёнида Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID карталари бўлса, улардан ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилнинг техник ҳужжатлари, суғурта полисларини талаб этиш мумкин эмас.
Лойиҳага кўра Маъмурий жавобгарлик кодексининг жами 5 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, айниқса суғурта полиси муддати ўтганлиги бўйича жарима миқдорлари кескин камайтирилиши кўзда тутилган.
2021 йил 1 декабрига қадар Ички ишлар вазирлиги томонидан лойиха интеграция ишлари якунланиб мазкур янгилик амалиётга жорий этилади.