ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Россияда тақиқланган "Толибон" радикал ҳаракати жангарилари Афғонистонда оммавий террор уюштирмайди. Бу ҳақда "Ридус" билан суҳбатда Бутунжаҳон рус халқ собори Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази директори, исломшунос Роман Силантьев фикр билдирди, дея хабар беради Sputnik Тожикистон.
Исломшунос сўзларига кўра, жангарилар шафқатсиз чоралардан воз кечади, сабаби, улар шундоқ ҳам ғолиб саналмоқда.
Шу билан бир қаторда, радикаллар Афғонистон билан қўшни бўлган давлатларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди, дейди мутахассис.
"Толибларнинг охирги 20 йилда ақли кирди, мени наздимда, улар оммавий террорга қўл урмайди. Бу нарса уларга керак эмас - улардан шусиз ҳам ҳамма қўрқади", - дейди Силантьев.
Унинг таъкидлашича, жангарилар авиациясиз Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларини штурм қила олмайди. Ўз навбатида, Эрон, Покистон ва Хитой радикалларга фаол қаршилик кўрсатади.
Силантьевнинг фикрича, Марказий Осиёда ягона нозиқ бўғин бу Туркманистон бўлиб, аммо унга ҳам бошқа давлатлар ёрдам кўрсатади.
Аввалроқ, толиблар бир кун аввал қўлга олган Қобулда жамоат тартибини ўрнатишга киришгани маълум бўлган эди. Ҳаракат вакиллари маҳаллий аҳоли ва хорижий дипломатик ваколатхоналар хавфсизлигини кафолатлаган, деб хабар қилади Россия ТИВ.
Ўз навбатида, Афғонистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги доимий вакили Ғулом Исхакзайнинг айтишича, жангарилар "Толибон" мухолифларини жазолаш мақсадида Қобулда уйма-уй юришни бошлашган. Унинг айтишича, шаҳарликлар қаттиқ қўрқувда ҳаёт кечирмоқда.
Исхакзай халқаро ҳамжамиятни "Афғонистондаги ислом амирлигини" тан олмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Daily Mail нашри радикаллар 12 яшар қизалоқларни қулликка олишни бошлагани ва эгаллаб олинган ҳудудларда ўта қатъий исломий тартибларни ўрната бошлашгани ҳақида хабар берган эди.