ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. 14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтган ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинди.
Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган, жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган.
Таъкидланишича, Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилди.
Шу билан бирга, Термиз-Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Вазирлик Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва “Термиз-Ҳайратон” кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.
Бундан ташқари, 14 август кун давомида “Термиз-Мозори-Шариф” темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилди.
“Таъкидлаш жоизки, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ ОАВда “Толибон”* ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Ўзбекистонга энг яқин (Термизгача 100 км) йирик шаҳри Мозори-Шарифни эгаллаб олгани, шаҳар раҳбарияти ва қўмондон Рашид Дўстум Ўзбекистон чегараси томон чекингани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти