Тошкент вилоятида боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарлангани айтилмоқда - тафсилотлар

Ижтимоий тармоқларда "Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида 150 нафар бола овқатдан захарланибди, 1 нафар вафот этибди" дейилган маълумотлар тарқалмоқда. МТВ бунга расмий муносабат эълон қилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 авг - Sputnik. Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар заҳарланганлиги айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида 150 нафар бола овқатдан захарлангани, 1 нафари вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ушбу хабарларни "асоссиз", деб баҳолаб, қуйидагиларни маълум қилди.
Хитойда болаларни заҳарлаган боғча тарбиячиси ўлимга ҳукм қилинди
Маълум бўлишича, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Оққўрғон туманидаги мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчиларининг касалланиш ҳолатини ўрганиб чиққан.
2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жоялаштирилди.
12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчиларнинг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.
Наманганда махсус боғчада иссиқ сувдан куйган олти ёшли бола вафот этди
Эпидемиологияга қарши тадбирларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ва эпидемиологлар гуруҳи юборилган.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра "Ботулизм" ташхисига гумон қилинган.
Якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилади. Даволаниш давомида 21нафар тарбияланувчиларнинг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Малум қилинишича, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 5 гуруҳга мўлжалланган. Мактабгача таълим ташкилотида 136 нафар тарбияланувчилар рўйхатга олинган бўлиб, мактабгача таълим ташкилотида марказлаштирилган сув таъминоти ва канализация тизими, алоҳида маҳаллий иситиш тизими, табиий газ ўрнатилган.
Касалликка чалинмаган мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳар куни тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб назоратга олинмоқда.
Бундан ташқари ижтимоий тармоқлардаги шахсий профилда келтирилган хабарга кўра ушбу мактабгача таълим ташкилотида 1 нафар тарбияланувчининг озиқ-овқат заҳарланишидан вафот этганлиги келтирилган.
Расмий маълумотларга кўра, тарбияланувчи Бахтиёрова Маржона Дониёр қизи 2021 йил 2 августгдан 7 августга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари томонидан “Шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония. Асоратлари: Юрак қон-томир етишмовчилиги. Мия шиши.” ташхиси қўйилиб даволаш ишлари олиб борилган, шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни биологик ўлим қайд этилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилганини маълум қилган.