Йўл қурилишига сарфланган маблағ устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади

“Shaffof yo’l” онлайн ахборот платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Адлия вазирлиги автомобиль йўллари соҳасида молиявий очиқлик ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. У муҳокама учун regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.
Қарор билан ҳамма учун очиқ бўлган “Shaffof yo’l” онлайн ахборот платформаси ва унинг мобил иловаси ишга тушириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда ёмон йўллар сабаб қарийб 2 йил ичида 191 киши ҳалок бўлган
Платформада автомобил йўллари қурилиши бўйича барча давлат дастурлари ва маҳаллий дастурлар бир жойда жамланади.
Ҳужжатда ёзилишича, қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган йўлларнинг барчаси онлайн-харитада яққол кўриниб туради, яъни таъмирланаётган йўллар қандайдир “4К66” каби тушунарсиз рақамлар билан эмас, балки шаҳар ва кўча номигача ушбу платформадан ва мобил телефондан кўриб туриш мумкин бўлади.
Шу хаританинг ўзида қурилиши ёки таъмирлашни амалга ошираётган ташкилот, сарфланаётган маблағ, бажарилган ишларнинг аҳволини бевосита кузатиб бориш имкони пайдо бўлади.
Йўл жамғармаларининг барча тушумлари реал вақт режимида платформада “онлайн-ҳисоблагич”да кўриниб туради.
“Яъни масалан автомобилингизни рўйхатдан ўтказганда йўл жамғармасига тўланган маблағ қаерга кетганлигини шу заҳоти билиб олса бўлади”, - дейилган вазирлик хабарида.
Бундан ташқари, аҳолига йўллар носозлиги, ҳаракатланиш учун пайдо бўлган муаммолар ҳақида фото- ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти яратилади.
Адлия вазирлиги жамоатчиликни мазкур ҳужжат лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишга чақириб қолган. 26 августгача фуқаролар ўз фикрларини билдиришлари мумкин.