ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Сурхондарё вилоятида 1,7 миллион кишини ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланади. Бу ҳақида президент ҳузурида 11 август куни бўлиб ўтган тақдимот маросимида маълум бўлди.
Янги лойиҳага мувофиқ "Тўпаланг" сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортилади. Сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади.
Янги ичимлик суви тармоғи учун жами 361 километр қувур тортилади, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, - дейилган хабарда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 46 % марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган, 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди.