ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Роппа-роса бир йил аввал Россияда рўйхатдан ўтган коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси бу давр мобайнида ўзининг сифати ва хавфсизлигини тасдиқлади. Бу ҳақда РИА Новостига Н.Ф. Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази директори Александр Гинцбург маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу вақт ичида саратон касаллигига чалинганларни эмлаш учун бўлган муайян чекловлар олиб ташланган, вакцина билан ҳомиладорлар ва кексаларни эмлашга рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса бир йил илгари – 2020 йил 11 август куни - Россия ССВ COVID-19 га қарши дунёдаги биринчи вакцинани рўйхатга олган эди. Вакцина “Спутник V” деб номланди. У инсоннинг аденовирус векторли платформасига асосланган. Хавфсизлик, самарадорлик ва узоқ муддатли салбий оқибатларнинг йўқлиги унинг муҳим афзалликларидир.
Бугунги кунда вакцина дунёнинг етмишга яқин давлатларида рўйхатдан ўтган ва аҳолини эмлаш учун фойдаланилмоқда. Ўнлаб мамлакатларда уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, жумладан, Ўзбекистонда уни август ўрталаридан ишлаб чиқариш бошланади.