ТОШКЕНТ, 9 авг – Sputnik. Осиё Олимпия Кенгаши вице президенти Отабек Умаров Ўзбекистон Олимпия жамоасини ва боксчи Баҳодир Жалоловни табриклади ҳамда Токио-2020 XXII Олимпия ўйинлари ҳақида ўз фикрини билдирди.
“Бизнинг спортчимиз нима бўлишидан қатъий назар охиригача курашиш кераклигини бутун дунёга исботлади! Баҳодирни, олимпиадачиларни ва барча мухлисларни табриклайман!”, - деб ёзган ўзининг телеграмдаги саҳифасида Умаров.
Отабек Умаров хулосасига кўра, Токио 2020 Олимпия ўйинлари турли турли камчилик, кутилмаган ҳодисаларга бой бўлган, лекин шу билан бирга ушбу Ўйинларда ибрат олса бўладиган ҳолатлар ҳам кўп бўлган.
“Токио Олимпиадаси ўз якунига етди. Кимдир бу Ўйинларни мунозарали, кимдир ғалвали деб атади, яна кимдирлар эса телетрансляцияларнинг рейтинги пасайишига эътибор беришди. Менимча, ҳар бир мулоҳазада ҳақиқат бор, лекин шахсан мен ўтган мусобақаларни биринчи навбатда ибратли деб атаган бўлардим”, - деб ёзади Умаров.
Осиё Олимпия кенгаши вице президенти айтишига кўра, ўзаро сиёсий муносабатлар қандай бўлмасин спортчилар адолатли муносабатга лойиқ. Ушбу Олимпия ўйинлари ҳам буни яна бир бор намойиш қилган.
“Менимча, кўп мамлакатлар ХХХII Олимпиада ўйинларидан сабоқ олишлари керак. <…> Биз спортни сиёсатдан ва ҳар қандай бегона фитнадан ташқарига чиқариб, Олимпия тамойиллари ғалабаси учун курашни давом эттиришимиз керак. Сабаби, атлетикачилар ўзларига нисбатан виждонли ва адолатли муносабатга лойиқдирлар – мавжуд вазиятнинг қандай бўлишидан қатъий назар”, - деб ёзган Умаров.
Шунингдек Умаров Ўзбекистонлик спортчилар Олимпия қадриятларига содиқ қолган ҳолда, МДҲ давлатлари орасида олтин медаллар бўйича муносиб иккинчи ўринни эгаллаганини мамнуният билан қайд этган ва Парижда бўйиб ўтадиган навбатдаги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бошлашни маслаҳат берди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларида учта олтин ва иккита бронза медал билан жаҳон бўйича 32 ўринни эгаллаган. (медаллар сони бўйича 42-ўрин). Етакчи жамоалар АҚШ – 39та олтин, жами 113та, Хитой – 38та олтин жами 88та, Япония – 27та олтин, жами – 58та, Британия – 22та олтин, жами 65та, Россия – 20та олтин, жами 71та.