Қашқадарёда бировнинг ўрнига имтиҳонга кирган 14та шахс ушланди

Тест синовлари бошланганидан то шу кунгача ўзганинг ўрнига кирган 14 та, уяли телефондан фойдаланган 17 та, яширинча овоз эшитиш мосламасидан фойдаланган 4 та ҳолат аниқланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. Ўзбекистонда Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бошлангандан буён Қарши шаҳрида бировнинг ўрнига имтиҳонга кирган 14та шахс ушланган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ хабар бермоқда.
ОТМларга кириш тест синовлари очиқ майдонларда ўтказилади
"Албатта, тест синовларини топширишда билимига, ўзига ишонган ёшлар ҳеч қандай муаммосиз саволларни ечмоқда. Бироқ айрим “билимдон” ёшлар маълум манфаат эвазига бировнинг ўрнига тест синовларини топширишга уринмоқда. Натижада сири фош бўлгани етмагандек, ўзганинг бир йиллик умрини бекор ўтишига сабабчи бўлмоқда", - дейилади ИИБ хабарида.
Таъкидланишича, тест синовлари бошланганидан то шу кунгача ўзганинг ўрнига кирган 14 та, уяли телефондан фойдаланган 17 та, яширинча овоз эшитиш мосламасидан фойдаланган 4 та ҳолат аниқланиб, ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.