ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Фарғона вилояти Сўх туманига сел келди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Сел 6 август куни соат 17:05 ларда Қирғизистоннинг Боткент вилояти Қадамжой тумани тоғ ва адир ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида келган. Сўх тумани “Навобод” МФЙ ҳудудидаги “Малбут”, “Девайрон-Умбара”, “Қалача”, “Тул” ва “Полохона” сел йўлларидан 30 м3. миқдоридаги сел оқимлари ўтган.
Сел ўтиши оқибатида Сўх тумани ҳудудидан ўтувчи “Сўх-Риштон” автойўлининг 80 метр қисмига лой аралаш шағалга тўлган. Малбут қишлоғи хўжалик экин майдонларига ҳамда “Умбара” (15 та хонадон) ва “Девайрон” МФЙ (25 та хонадон) ҳудудларидаги жами 40 та хўжалик томорқалари, қўшимча бино ва уйларнинг ертўлаларига сув кирган.
Сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида туман ҳокимиятида ФВБ, ИИБ, прокуратура органлари, ССБ раҳбарияти таркибидан иборат тезкор штаб ташкил этилиб, сел оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилган.
Хабарда сел тошқинлари оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги қўшимча қилинган.