ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти сайловида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан мамлакатнинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев номзод сифатида иштирок этади. Бу ЎзЛиДеП марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон президенти этиб сайланган эди.
Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – "Адолат" СДП, "Миллий тикланиш" ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулло Обломуродов, "Адолат" социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, "Миллий тикланиш" партиясидан Алишер Қодиров, Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова номзодлари илгари сурилиши маълум бўлган эди.