Ўзбекистонда 67та мактабда от спорти ривожлантирилади

Ўзбекистонда от спортини ривожлантириш, ушбу соҳага керакли кадрлар тайёрлаш ҳамда наслли ва зотдор отларни парваришлашга қаратилган президент қарори қабул қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 67 та болалар-ўсмирлар спорт мактабида от спорти бўйича бўлимлар очилади. Бу ҳақида президентнинг янги қарорида айтиб ўтилган.
Ҳужжатга кўра 2021–2025 йилларда 67 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида от спорти турлари, шу жумладан замонавий бешкураш бўйича 52 та, поло бўйича 15 та бўлим ташкил этилади.
Наслли ва зотдор отларни кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 170 та йилқичилик хўжаликлари ташкил этилади.
Шунингдек, ушбу соҳага керакли кадрлар тайёрлаш ва кадрларни рағбатлантириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан:
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда унинг Нукус ва Тошкент филиалларида йилқичиликка ихтисослашган ветеринария шифокорлари ва зоотехникларини тайёрлаш бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида от спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шакли очилади.
от спорти бўйича меҳнатни рағбатлантиришда уста-чавандоз, от парваришловчи, тақачи, отхона бошлиғи (бригадир) – тренерга, ветеринар-шифокор – шифокорга, зоотехник ва фельдшер-ветеринар – ҳамширага тенглаштирилади.
2022 йил 1 сентябргача Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида 30 ўринли замонавий отхона биноси ва очиқ спорт манежи барпо этилади.
Ундан ташқари 2021 йилнинг 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили от йўрттириш тури бўйича Тошкент вилоятида “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti kubogi uchun”, тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Қашқадарё вилоятида “Qarshi Open”, Тошкент шаҳрида “Millatlar kubogi” халқаро турнирлари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда президентнинг 3057-сонли қарори билан Ўзбекистон От спорти федерацияси ташкил қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ От спорти федерацияси буён зотдор ва хизмат отларнин етиштириш ва селекция қилиш билан ҳам шуғулланади.