ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Токиода давом этаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг 13-кунида ўзбекистонлик спортчилар спортнинг тўрт йўналишида медаллар учун қизғин кураш олиб боришди. Sputnik Ўзбекистон вакилларининг бугунги Олимпия ўйинларида чиқишларини сарҳисоб қилади.
Енгил атлетика: финалга чиққан Сафина Садуллаева
Эрта тонгдан Токио-2020 Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган енгил атлетика баҳсларига старт берилди. Кўпкурашчи Екатерина Воронина гуруҳда 12-поғонани эгаллаб, Олимпиада билан хайрлашди.
Баландликка сакраш йўналишида Светлана Радзивил ҳамда Сафина Садуллаева саралаш босқичида ўз омадини синаб кўрди. Радзивил саралаш доирасида 1.93 метр натижадан ўта олмади ва у учун ҳам мусобақалар якунланди.
Сафина Садуллаева эса саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал дастурида иштирок этиш имконини қўлга киритди. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Садуллаева 1.95 метр баландликдан ўта олди. Ушбу йўналишнинг финал баҳслари 7 август куни Тошкент вақти билан соат 15:35 да бошланади. Бўлажак беллашувда ҳам Садуллаевага омад тилаб қоламиз.
Эркин кураш: бугун медалсиз қолдик, аммо эртага умид бор
Бронза медали учун курашиш имкониятини қўлга киритди Жавраил Шапиев (-86 кг) ўтиш босқичида Стефан Рейхмут билан курашди. Муросасиз курашда ўзбекистонликнинг қўли баланди келди. Бронза учун асосий жангда Шапиев имкониятни россиялик Артур Найфоновга бой берди ва медалсиз қолди.
Яна бир эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев бронза медали учун ўтиш босқичида иштирок этди. -57 кг вазн тоифасида курашган Абдуллаев АҚШ вакили Томас Гилманга енгилди.
Учинчи маҳоратли эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов дастлабки даврада Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомес устидан ғалаба қозонди. Кейин у финалда россиялик Заурбек Сидаковга қарши гиламга чиқиб, имкониятни бой бериб қўйди. Кейинчалик россиялик курашчи финалга йўл олди ва бу эса Ўзбекистон вакилига бронза медаль учун курашни давом эттириш имкониятини туғдирди.
Борец вольного стиля Бекзод Абдурахманов получил шанс побороться за "бронзу"
Шу тариқа эртанги дастурда Абдураҳмонов ўтиш босқичида Гвинея-Биссау вакили Мидана Аугисто билан курашади. Абдураҳмонов уни мағлуб эта олса, бронза медали учун қозоғистонлик Данияр Кайсановга қарши гиламга чиқади.
Замонавий бешкураш: ўзбекистонликнинг илк дебюти
Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари забт этган янги спорт тури замонавий бешкураш бўлди. Аёллар ўртасида ўтказилаётган мусобақада Алисэ Фахрутдинова курашга киришди. Регламентга кўра, дастлаб қиличбозлик бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.
У 35 жангдан 16 тасидан ғалаба қозонди ва бу унга 196 очко тақдим қилди. Ҳозирча Фахрутдинова 22-поғонада кетмоқда.