ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. 2020 йилги Олимпиадада аёллар учун баландликка сакраш саралаши якунланди. Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Сафина Садуллаева саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал дастурида иштирок этиш имконини қўлга киритди.
Баландликка сакраш йўналишида Садуллаева 1.95 метр баландликдан ўта олди.
Умуман олганда, А ва В гуруҳларида иштирок этган атлетлардан 14 иштирокчига 1.95 метрдан ўтиш насиб қилди.
Ушбу йўналишнинг финал баҳслари 7 август куни Тошкент вақти билан соат 15:35 да бошланади.
Сафина Саъдуллаева - Ўзбекистон спортчиси, баландликка сакраш билан шуғулланади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро тоифадаги спорт устаси. 2015 йилда 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. 2017 йилги ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида кумуш медал соҳибасига айланган.