Ўзбекистон гулчиликни ривожлантиришга бел боғлади: олдинга қандай мақсадлар қўйилган

Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларининг айрим туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.
Мазкур туманларда:
тажриба тариқасида гулчилик кластерлари ташкил қилинади;
гулчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларга 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга деҳқон хўжалигини юритиш мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибида ажратилади;
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади;
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ҳар бирининг майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигон”ларини ташкил этиш учун 0,5 гектар ер майдони электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади;
“Гулчилик ўқув полигон”ларида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва махсус сертификат олган ишсиз, эҳтиёжманд оилаларга 6 сотихдан ер майдони электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.
2021 йил 1 сентябрдан 2021–2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ доллардан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорларнинг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи қопланади.
2022/2023 ўқув йилидан:
- қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларда Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади;
- Тошкент давлат аграр университетида Туркия Республикасининг Испарта амалий фанлар университети билан ҳамкорликда Манзарали боғдорчилик ва гулчилик соҳасида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
- Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида гул ҳамда кўчатларнинг йирик улгуржи бозори ташкил этилади.