ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Токиода давом этаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг 12-кунида ўзбекистонлик 6 нафар спортчи ўз омадини синаб кўрди. Sputnik Ўзбекистон вакилларининг бугунги Олимпия ўйинларида чиқишларини сарҳисоб қилади.
Каноэда эшкак эшиш
Каноэчилар Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматова чорак финал баҳсини ўтказишди.
Биринчи гуруҳдаги 200 метр масофага кечган беллашувда дастлаб Нилуфар Зокирова стартга чиқди. У ўз гуруҳида 48.995 сония натижа билан олтинчи бўлиб маррага етиб келди.
Иккинчи гуруҳда Дилноза Раҳматова 46.645 сония кўрсатди. Бу кўрсатгич унинг ярим финалга йўл олишига камлик қилди.
Энди Ўзбекистон вакилалари жуфтлик баҳсларида қатнашадилар. Уларга бўлажак стартда омад тилаб қоламиз.
Эркин курашдаги “бронза”га бўлган умидлар
Мусобақалар доирасида дастлаб Жавраил Шапиев (-86 кг) Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра жаҳон чемпиони эронлик Ҳасан Язданийга қарши гиламга чиқди. Шапиев тажрибали рақибга қарши муносиб курашди. Бироқ эронлик якунда ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди. Энди Шапиев эртага, 5 август куни бронза медали учун курашни давом эттиради. Унга аввалига Швейцария вакили Стефан Рейхмуц рақиблик қилади. Уни мағлуб эта олса, россиялик Артур Найфонов билан бронза медали учун курашади.
Иккинчи курашчи Ғуломжон Абдуллаев дастлабки даврада хитойлик полвон Мингху Лиуни мағлуб этди ва чорак финалга йўл олди. Унга мазкур босқичда сўнгги 2 карра жаҳон чемпионатининг ғолиби россиялик Заур Угуев рақиблик қилди. Дастлаб Абдуллаев ҳисобда ортда қолаётган эди. Кейин тарозини ўз палласига оғдира олди. Бир неча сония қолганида россиялик полвон ҳисобни тенглаштириб, сўнгги баллни қўлга киритгани эвазига ғалабани илиб кетди.
Угуев финалга чиқди ва Абдуллаевнинг бронза медали учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Ўзбекистонлик курашчи аввалига АҚШ вакили Томас Гилман билан куч синашади. Уни енгса, эронлик Ризо Атрий ўртасида медаль учун жанг олиб борилади.
Вольная борьба: Абдуллаев и Шапиев сразятся за "бронзу"
© Пресс-служба НОК Узбекистана
Жалоловнинг боксдаги ёрқин ғалабаси
Супер оғир вазн тоифасида Олимпиада олтин медали учун жанг қилаётган ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов Токио-2020 финалига йўл олди.
У бугун муросасиз кечган ярим финал баҳсида британиялик боксчига қарши рингга кўтарилди. Фрейзер Кларкка билан ўтган ўта шиддатли ва муросасиз руҳда ўтган жангда Жалолов ўзининг кучли зарбалари билан рақибини ожиз қолдирди.
3-раунд ўтиб бораётган бир вақтда рақибнинг жароҳати сабаб беллашув якунига етмади. Ўша вақтгача ҳисобланган очколар сони бўйича Жалолов яққол устунлик қилди ва Олимпиада финалга йўл олди.
Узбекский боксер Баходир Джалолов против Фрейзера Кларка в полуфинальном поединке на олимпиаде в Токио
Унинг олтин медаль учун кечадиган баҳсдаги рақиби АҚШ вакили Ричард Торрес бўлади. Улар жанги 8 август, Олимпия ўйинларининг ёпилиш кунида бўлиб ўтади.
Кўпкурашдаги шахсий рекорд
Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида аёллар ўртасидаги кўп кураш баҳсларининг бугунги дастурлари якунланди. Унда 4 дастурда беллашувлар бўлиб ўтди.
Ушбу йўналишда Екатерина Воронина мамлакат шарафини ҳимоя қилди. Бугунги дастурлар давомида у 100 метрга (14.19 сония) тўсиқлар оша югуриш ва 200 метрга (24.67 сония) югуриш дастурларида ўз шахсий рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Ҳозирда Воронина 3588 очко билан 20-ўринда турибди.
Екатерина Воронина
© Пресс-служба НОК Узбекистана