ТОШКЕНТ, 4 авг – Sputnik. Токио Олимпиадасида 3 август куни олтин медал соҳиби бўлган ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраевнинг онасига президент совғаси топширилди.
Совғани Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими Ахмедов Жўрабек Илхомович топширди.
“Чемпионимиз янада юксак марраларга эришсин. Бунақа олимпиадаларнинг кўпини кўрсин. Ушбу совға президентимиз номидан шахсан сизга”, - деб улкан гулдастани спортчининг онасига топширди.
Бироз олдин Шавкат Мирзиёев Олимпиада олтин медали ҳақидаги хабарни эълон қилин учун мажлисни тўхтатиб барчани табриклаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 109 кг вазнда иштирок этаётган ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев 3 август куни Токио Олимпадасида 193 ва 237 кг вазн кўтарим, умумий натижа 430 кг билан янги олимпия рекорди ўрнатган эди.
Бу Ўзбекистон Олимпия жамоасининг иккинчи олтин медали бўлди.