ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) жаҳон иқтисодиётини тиклашга рекорд даражасидаги 650 млрд доллар ажратиши мумкин. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
“Халқаро валюта жамғармаси захира активлари ҳисобидан 456 миллиард SDR (Special Drawing Rights - махсус қарз олиш ҳуқуқлари, 650 миллиард АҚШ доллари) ажратади. 275 миллиард доллар ривожланаётган бозорларга ва мамлакатларга берилади”, - дейилган хабарда.
ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг сўзларига кўра, бу ХВЖ тарихидаги энг йирик SDR тақсимоти ва мисли кўрилмаган инқироз даврида глобал иқтисодиёт учун йўналтирилган молиявий кўмак ҳисобланади. SDRнинг тақсимланиши барча аъзо мамлакатлар манфаати учун хизмат қилади.
Маблағларни ажратиш тўғрисидаги қарор 23 август куни кучга киради. Маблағлар квоталарга мутаносиб равишда жамғармага аъзо мамлакатларга ўтказиб берилади. Квотага мувофиқ (0,116%) Ўзбекистон 754 миллион АҚШ доллари олиши мумкин.
ХВФ жаҳон иқтисодиёти жорий йил 6% ва келгуси йилда 4,9% га ўсишини башорат қилмоқда.