ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Токиода давом этаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг 11-кунида ўзбекистонлик 6 нафар спортчи ўз омадини синаб кўрди. Мусобақалар давомида Ўзбекистон битта олтин медални қўлга киритди. Афсуски, ғалаба қозонишларига катта умид қилинган боксчилар аламли мағлубиятга учрашди. Sputnik Ўзбекистон вакилларининг бугунги Олимпия ўйинларида чиқишларини сарҳисоб қилади.
Енгил атлетикадаги омадсизлик
Енгил атлетика мусобақаларининг эркаклар ўртасидаги уч ҳатлаб сакраш баҳсларида терма жамоа аъзоси Руслан Қурбонов иштирок этди. У ҳар уч уринишидан ҳам унумли фойдалана олмади ва мусобақадаги иштирокини якунлади.
Бокс: жароҳат, аламли мағлубият, сўнгги умид
Бокс бўйича Рио-2016 ғолиби, жаҳон чемпиони Шаҳобиддин Зоиров чорак финалда филиппинлик Карло Паламга имкониятни бой берди. Жангнинг 2-раунди ўтиб бораётган бир вақтда баҳс тўхтатилди, чунки бу пайтга келиб Зоиров жароҳат олганди ва шу сабабли шифокорлар жангни давом эттиришга рухсат беришмади.
Бундай вазиятларда қоидага кўра ўша пайтгача олинган очколар ҳисоб-китоб қилинади. Афсуски, бу борада устунлик филиппинлик боксчи томонида эди ва шу тариқа ўзбекистоноик чемпион мусобақа билан хайрлашди.
Яна бир ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов ҳам мусобақа билан хайрлашди. У чорак финалда арманистонлик Ованнес Бачковга имкониятни бой берди.
Начора, энди ярим финалга йўл олган Баҳодир Жалоловдан олтин медаль кутиб қоламиз. Жалолов эртага жанг қилади.
Аёллар ўртасида-60 кг вазн тоифасида рингга чиққан Райҳона Қодирова ярим финал остонасида бразилиялик Беатриз Феррейрага имкониятни бой берди.
Шу тариқа Олимпия ўйинлари дастуридаги аёллар боксида илк бора уч нафар вакиласи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси дебютда совриндор бўлиш имкониятни қўлдан чиқарди.
Райхона Кодырова
© Пресс-служба НОК Узбекистана
Юнон-рум кураши: чорак финалдаги ғалаба ва ярим финалдаги мағлубият
Юнон-рум курашчи Рустам Ассакалов Олимпия ўйинларини ғалаба билан бошлади. 1/8 финалда грузиялик Лаша Гобадзега қарши кураш олиб борди. Унда Ўзбекистон вакили 6:5 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди. Қайд этиш керак, Гобадзе 2019 йилда -82 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпионати ғолибига айланганди.
Ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Ассакаловга хорватиялик Иван Хуклек рақиб бўлди. Хуклек 4-1 ҳисобида ғалабага эришиб, ярим финалга йўл олди. У ҳам финалгача етиб бора олмади, шу тариқа Ассакаловда бронза учун имконияти бўлмади.
Интиқиб кутилган олтин медаль ва президент табриги
-109 кг вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар баҳсида Акбар Жўраев супачага кўтарилди.
Даст кўтариш машқида 193 кг кўтарган Жўраев, силтаб кўтариш дастурида 237 кг кўтарди. Иккала машқ натижасида унинг кўрсаткичи 430 кг бўлди. У силтаб кўтариш ва умумий кўрсаткич бўйича Олимпиада рекордини ўрнатди ва олтин медалга эга чиқди.
Ушбу муваффақиятдан сўнг Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар 2 та олтин ва 1 та бронзани ташкил этмоқда. Бу билан мамлакат умумжамоа ҳисобида 28-поғонага кўтарилиб олди.
Видеоселектор йиғилиши чоғида президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг иккинчи олтин медали тўғрисида хабар берилди. Давлат раҳбари барча ҳамюртларни ва жамоага иккинчи олтин медалини келтирган оғир атлетикачи Акбар Жўраевни, шунингдек, аввалроқ олимпия чемпионига айланган таэквондочи Улуғбек Рашитов ва бронза медали соҳиби Давлат Бобоновни табриклади.